“Fact checking”- “фактларни текшириш”
Ўзнетдаги ижтимоий тармоқларда Хитойдаги канализациядан Қуръони Карим нусхалари топилгани ҳақидаги расм тарқалиб юрибди. Хитойнинг бошига келган вирус балосига мана шундай ҳолатлар сабаб қилиб кўрсатиляпти. Уйғурлар масаласи ҳақидаги хабарлар фонида бу сурат ҳақиқатдек кўринади. Аммо...
Одатда одамларнинг ҳисларига ўйнайдиган расм ва видеоларга ишонмайман, деярли кўрмайман, аммо кўзим тушса, вақт топиб текшириб чиқаман. Журналист-дугоналар гуруҳида бу хабар муҳокама бўлгач, 5 дақиқа ичида аниқлаганларим бўйича ахборот бермоқчиман.
Расмни компимга кўчириб олдиму, Гугл оғадан расм бўйича қидириш функциясини ёқдим.
Қизиқ манзара: Канализациядан топилган Муқаддас Китоб нусхалари сурати турли йилларда гоҳ Покистонда, Гоҳ Ҳиндистоннинг Биҳарида (кейинчалик факт чекинг қилиб, инкор қилинган), гоҳ Сурияда топилди деб олди-қочди сайтларда, одамларнинг онлайн саҳифаларида кўрсатилган. Одамлар ҳам комментларда ҳали у халқни, ҳали бу халқни айблаган, нафратланган.
Фото-видеонинг интернетга юкланган вақти “факт чекинг”да жуда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, “Сурияда топилди” деган хабар 2014 йилда қўйилган. Комментлар ҳам 6 йил аввал ёзилган. Вақт бўйича энг аввалида тургани ва кўп манбаларда ҳақиқат дея кўрсатилгани мана бу хабар:
унда айтилишича, Саудия Арабистонининг Тоиф шаҳрининг Сал-Салама туманида 50 дан ортиқ Қуръон китоби нусхалари дренаж cув тизимларига хизмат кўрсатадиган корхона томонидан топилган. Ва Тоиф полицияси ҳолат юзасидан текширув ишларини бошлаган, дейилади. Эътибор беринг, бу 2013 йилда қўйилган хабар. Мен вақт кетма-кетлигида мана шу хабаргача етиб келолдим ва бундан аввал қўйилган хабарга кўзим тушмади.
P. S. Бу суратдан яна жуда кўп манбаларда турли манфаатлар йўлида фойдаланилганини сезиш қийин эмас. Масалан, покистонликларни ҳиндларга қарши қўйиш мақсадида. Хитойнинг яхши ва ёмон ишларини тафтиш қилиш пайтида “Аллоҳнинг жазоси” дея ҳукм чиқармайлик. Бу бизнинг ақлимиз ва измимиздаги ишлар эмас. Бу ҳақда мана бу постни ўқиб чиқсак, фойдадан холи бўлмасди.

29.01.2020 Комментарии